"Халқ дардини эшитмаган амалдорни 1 минут ишлатмайман", деган президент қани?"

НАМАНГАН. "Биз Наманган шаҳри Оромгох даҳасида истиқомат қиламиз. Бизни маҳалламиздаги айрим масалалар бир неча йиллардан бери қийнаб келмоқда. Шу масалалар бӯйича Оромгоҳ маҳалла комитетига, Наманган шаҳар ҳокимиятига, президент порталига ва яна шунга ӯхшаш юқори турувчи давлат органларига жуда кўп маротаба мурожаат қилдик. Лекин, бирор марта ёрдам беришмади.

Ҳар сафар келиб, бизни муаммоларимизни ӯрганиб, "ҳал қиламиз" деб, қӯлларидаги қоғозга қўл қӯйдириб кетишади, холос. Лекин амалда бажаришмайди, фақат оғзаки қуруқ сафсата гап. Ахир президентимиз ТВда ҳар сафар давлат халқ учун ишлаши кераклиги ҳақида гапирмоқда. Халқнинг дардини эшитмаган, халққа ёрдам бермаган, халқнинг оғирини енгил қилмаган амалдорни бир минут ишлатмайман деган президент қани? Гапларининг ҳаммаси бефойдамикин? Наманган шаҳридаги амалдорларга у гаплар ўтмасмикин? Биз дардимизни кимга айтайлик? Қаерга ёзмайлик, қаерга мурожаат қилмайлик ҳаммаси яна айланиб келиб, ўша қорни катта амалдорларни қўлига тушаяпти. Биз бечора оддий халқ дардимизни ичимизга ютаяпмиз. "Ана яхши бўлар, мана яхши бўлар" билан йиллар ўтиб кетаяпти.

Бизнинг маҳалламизга кирадиган кўчани ўзимиз пул йиғиб, трактор билан теккислаттик. Олдинги ҳолатида ҳатто ит ўтгани қийналарди. Орадан 2 кун ўтмасдан кўчамизнинг бошида пахта титиш цехи бор. У ерни эгаси биз ремонт қилган йўлимизнинг бошига бетон тўсиб қўйди. У бетонни олдириб ташлашни иложи бўлмади. Сабаби, у инсон бой, пули кўп, таниш-билиш қилиб, маҳалла комитетидагиларни ҳам оғзини ёпти.

Кўчамизнинг чап тарафида мини-стадион бор. Шу жойнинг эгаси биз қилдирган йўлни қаздиртириб, ахлатхонага айлантириб ташлади. Ҳозир бу кўчадан инсон ўтгани қўрқади. Йўл умуман қолмади. Ахлатхонага айланиб улгурди. Бу 2 та тадбиркорнинг мақсади кўчани тўсиб ташлаб, ўзлаштирволишми? Ёки ахлатхонага айлантиришми? Нима, Ўзбекистонда тадбиркорга ҳамма нарса мумкинми ёки тадбиркорнинг шохи борми? Шу ахлатхонага айланган йўлни ҳатто Оромгоҳ маҳалла раиси ҳам, Оромгоҳ маҳалла участка нозири ҳам кўриб, кўз юмиб кетти".

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​