Қашқадарё вилояти
ҚАШҚАДАРЁ – “Йўл носозлиги сабаб баъзида авария ҳам рўй бермоқда” (ВИДЕО)
ҒУЗОР. “Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Мўминобод маҳалла фуқаролар йиғинидан мурожаат қиляпмиз. Халқаро йўлнинг ҳудудимиздан ўтган қисми ачинарли аҳволда. Йўл носозлигидан гоҳида авариялар содир бўляпти. Ҳудудимиздаги кўприк ҳам 9 йилдан бери битмаяпти. Мутасаддилардан йўл ва кўприк масаласини ҳал қилиб беришларини илтимос қиламиз”.
(Бу хабар STга 27 январь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРË – “Дарë ўзани чуқурлашиб, ҳовлиларга хавф солмоқда”

ЯККАБОҒ. “Қашқадарë вилояти Яккабоғ туманидан мурожаат қилмоқдамиз. Қонунчиликка биноан дарë ва сойларнинг хавфсиз экологик ҳудуд бўлишини таъминлаш керак. Аммо бизда бу талабга тўлиқ риоя этилмаяпти. Туманимиздаги дарë ва сойлар қум, шағал ишлаб чиқариш учун тадбиркорларга берилган. Айрим ҳудудларда дарë ўзани бузилиб, чуқурлиги 15-20 метргача етмоқда. Бундан эса аҳоли азият чекмоқда, ҳовли-жойларга хавф туғилмоқда. Бу ҳолатдан туман экология бўлимининг хабари борми?”
(Бу хабар STга 1 февраль куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Асфальт ётқизилган айрим жойлар ҳозирданоқ чўкмоқда” (ВИДЕО)
ЯККАБОҒ. “Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Қалдирғоч кўчасидан ёзяпмиз. Бундан бир неча кун олдин ST’да “Кўчамиз нега тўлиқ асфальтланмаяпти?” номли мактубимиз чоп этилди. Шундан кейин йўлсозлар вазиятни инобатга олиб, қайта лойиҳалаш учун далолатнома тузиб, аҳолига қўл қўйдириб вилоятга олиб кетишди. Ниҳоят, кўчамиз асфальт бўладиган бўлди. Биз Қалдирғоч кўчаси фуқаролари асфальт мустаҳкам бўлиши учун ёнимиздан пул йиғиб шағал келтириб ёйдик. Афсуски, иш сифатсиз қилингани сабабми, ҳозирданоқ асфальт ётқизилган айрим жойлар чўкиб бормоқда. Бундан ташқари, баъзи бир кишилар кўчани бир бошдан асфальт қилиб келаётган машинани олиб кетиб ўз уйи олдини асфальт қилдирмоқчи экан. Маҳаллий мутасаддилар асфальт тартиб билан, сифатли ётқизилишини назорат қилсалар яхши бўларди”.
(Бу хабар STга 31 январь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Ижтимоий дорихона сотувчиси нега иш жойида ўтирмайди?” (ВИДЕО)
ЧИРОҚЧИ. “Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан ёзяпмиз. Бугунги кунда ижтимоий дорихонага бўлган талаб катта. Лекин бизнинг ҳудуддаги дорихона сотувчиси иш жойида кам бўлади. Кўп ҳолларда дорихона ёпиқ туради. Бунинг устига мижозларга қўпол муомала қилади. Беморлар дори учун қўшни Яккабоғ туманига боришига тўғри келмоқда. Ижтимоий дорихонамиз мунтазам ишласа деймиз. Дорихонага муносиб сотувчи қўйишларини илтимос қиламиз”.
(Бу хабар STга 31 январь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Маҳалла раиси бефарқ, биз сайлаган депутат ҳам қишлоқ корига ярамаяпти”

ЯККАБОҒ. “Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Совуқбулоқ МФЙ Жавоғи қишлоғидан мурожаат йўллаяпмиз. Юртимизда ободонлаштириш ишлари кетмоқда, аммо негадир қишлоғимиз бундай хайрли ўзгаришлардан четда қоляпти. Йўлларимиз таъмирталаб, симёғочлар яроқсиз ҳолга келган. Ичимлик сув ҳам муаммо. Маҳалла раиси ҳолатга бефарқ. Биз сайлаган депутат ҳам қишлоғимиз корига ярамаяпти. Туман ҳокимлиги ҳам негадир эътибор қаратмаяпти. Мутасаддилардан аҳолини қийнаётган ижтимоий масалаларни ҳал қилишда амалий кўмак сўраймиз”.
(Бу хабар STга 31 январь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Фаррош аёлларга қум-шағал текислатиш меҳнат қонунчилигига тўғри келадими?”

ЯККАБОҒ. “Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Бунёдкор МФЙдан ёзяпмиз. “Истиқбол” деҳқон бозори маъмурияти бозорнинг орқа тарафи, ноқонуний қурилган дўконлар олдида тўкилган қум-шағални бозорда ишлайдиган фаррош аёлларга ёйдириб текислатди. Аҳоли яшайдиган жой билан ноқонуний дўконлар орасида қум-шағал тўктириб, йўл текислатилгани яхши. Аммо бунинг учун фаррош аёлларни ишлатиш меҳнат қонунчилигига тўғри келадими? Умуман, аёлларга оғир ишни қилдириш тўғрими? Мутасаддилар ҳолатга эътибор қаратишларини сўраймиз”.
(Бу хабар STга 23 январь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ST-таъсир: “Тўрт неварасини ўзи боқиб катта қилаётган Ўрал бобога озиқ-овқат туҳфа этилди” (ВИДЕО)
ST’да Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Наврўз МФЙда яшовчи Ўрал бобонинг мурожаати эълон қилинган эди. 61 ёшли отахон бир неча йилдан бери тўрт нафар неварасини ёлғиз ўзи боқиб катта қилаётгани, бу борада моддий кўмакка муҳтожлигини баён қилган эди. Ушбу мурожаат чоп этилгач, туман ҳокимлиги вакили бориб, оила шароитини ўрганди. Ўрганиш давомида оилага озиқ-овқат маҳсулотлари туҳфа этилди. Келгуси йилда бу хонадонда таъмир ишлари амалга оширилиши маълум қилинди.
(Бу хабар STга 30 декабрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Сувимиз истеъмолга яроқсиз. Чироқ, йўл, интернет борасида ҳам амалий кўмак зарур...” (ВИДЕО)
ЯККАБОҒ. “Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Гулистон МФЙ Эдилбек қишлоғидан мурожаат қиляпмиз. Бизда ичимлик сув муаммо. Ариқ сувини ичамиз. Аммо чиқинди вақтида олиб кетилмагани сабабли ариқ суви истеъмолга яроқсиз саналади. Ичаётган сувимиз соғлиқ учун хавфли. Ҳолбуки, қўшни ҳудудда тоза сув бор, бизга ҳам у ердан келтириш мумкин.
Чироқ ҳам соатлаб ўчяпти. Симёғочлар чириб кетган, айрим жойларда симлар хавфли тарзда осилиб қолган. Йўлимиз қишда лой, ёзда чанг. Ҳеч бўлмаса шағал ётқизиш мумкин-ку.Ишлайдиганлар ва фарзандларимизнинг таҳсил олиши учун интернет жуда зарур бўлмоқда. Аммо ҳудудимизга ҳали оптик толали интернет келмаган.
Юртимизда қанча-қанча қишлоқлар обод қилинмоқда. Мутасаддилардан бизнинг ҳудуд аҳолисини қийнаётган масалаларни ҳам ҳал қилиб беришларини сўраймиз”.
(Бу хабар STга 12 декабрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Оилавий шароитимни ҳисобга олиб, қорамол беришларини сўрайман”

“Мен – Зоҳид Холмаматов, Қашқадарё вилоятидаги Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасида 18 йилдан буён ишчи бўлиб ишлайман. 2021 йил сентябр ойидан бошқармамиз касаба уюшмаси томонидан муҳтожлар, қийналганларга чорвачилик тармоғидан қорамол берилиши керак эди. Лекин айрим ҳолларда муҳтожлар қолиб ўзига тўқ, оилавий шароити яхши ходимларга берилди. Мен 2021 йил 13 октябрь куни корхона раҳбари ва касаба уюшмаси раисига мурожат қилдим, лекин натижа бўлмади. Оилавий шароитимни инобатга олиб, қорамол ажратишларини сўрайман”.
(Бу хабар STга 29 ноябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ - “Тиббиёт бирлашмаси ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилди”

ЯККАБОҒ. “Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлими ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилди. Давлат меҳнат инспекциясидан ҳолатни ўрганишларини сўраймиз”.
(Бу хабар STга 25 ноябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Кучланиш кам бўлса, электр ускуналарининг фойдали иш коэффициенти ҳам тушиб кетади”

КАСБИ. “Қашқадарё вилояти Касби тумани Комилон қишлоғидан ёзяпман. Сўз эркинлиги ва демократия замони келаётганидан фойдаланиб, Орғун маҳалласи аҳлини 10 йилдан бери қийнаб келаётган масалада ёзишга жазм этдим.
250 хонадон яшайдиган маҳалламизни 160 кВА қувватли бир донагина трансформатор электр энергия билан билан таъминлайди. Давлат стандарти бўйича ток қуввати 220 вольт бўлиши керак, бизга эса 160 вольт кучланиш келмоқда. Кучланиш кам бўлса, электр ускуналарининг фойдали иш коэффициенти ҳам тушиб кетади. Хўш, бу зарарни кимдан ундирамиз? Майли, ҳеч бўлмаса бундан кейин электр энергия таъмиотини яхшилаб беришсин”.
(Бу хабар STга 22 ноябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Солиқ тўламоқчи бўлсам, пластик карта орқали тўлов қабул қилинмаслигини айтишди”

ШАҲРИСАБЗ. “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри солиқ идорасига солиқ тўлаш учун бордим. Мутахассис қанча уй солиғи тўлашим кераклигини қоғозга ёзиб берди. Кассага солиқ тўлаш учун учрасам, пластик карта орқали тўлов қабул қилинмаслигини айтишди. Ҳолбуки, кассада барча турдаги тўловларни, жумладан, пластик ва нақд шаклда қабул қиламиз, деб ёзиб қўйишган. Солиқ идораси пластик карта орқали тўловлар рад этилмаслигини таъминловчи ташкилот бўлса, ўзлари шу қоидани бузишадими?”
(Бу хабар STга 13 ноябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Ташландиқ жойни обод қилиб, иморат қурдим. Аммо ер кимошди савдога қўйиб сотиб юборилди”

ЯККАБОҒ. “Мен – Шавкат Эргашев, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Яшнобод МФЙ Маданият қишлоғидан мурожаат қилмоқдаман. Тадбиркорлик қилиш мақсадида қишлоғимиздаги ташландиқ ерни экскаватор билан суриб-текислатдим. 2021 йил апрель ойида иморат қуриб битказдим. Лекин 2021 йил 18 октябрь куни иморатим жойлашган ер эски ташландиқ ҳолатидаги сурат асосида Яккабоғ тумани кадастр бўлими томонидан аукционга қўйиб юборилди. Ваҳоланки, иморат қурилган ерни аукционга қўйиш кадастр бўлими ваколатига кирмайди. Президентимиз тадбиркорларга катта имконият яратиб бермоқдалар. Мутасаддилардан иморатимга эгалик қилишим ва тадбиркорлигимни давом эттиришимга тўсиқ бўлаётган муаммолар бартараф этилишида амалий ёрдам сўрайман”.
(Бу хабар STга 15 ноябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ: “Қишлоқ аҳлига тегишли қувурларни ўзлаштирган шахсга нега чора кўрилмаяпти?” (ВИДЕО)

ДЕҲҚОНОБОД. “Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Завқий МФЙ Хумдон қишлоғида яшовчи 120-130 хўжалик номидан мурожаат йўллаяпмиз. Маҳалламизда жиноят содир этилган: томорқа қувуримиз ўзлаштириб юборилган. Бу қилмишни содир этган шахс кўчада юрибди. Аҳоли эса томорқасини суғора олмаяпти. Ушбу масала бўйича туман ИИБ ва прокуратурага мурожаат қилганмиз, аммо шунча муддат ўтса-да, амалий ҳаракат бўлмади. Айбдор жазоланиши ва аҳоли муаммоси ҳал этилишида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан кўмак сўраймиз”.
(Бу хабар STга 16 октябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ: “Тошкент–Шаҳрисабз поезди Яккабоғда ҳам тўхтаб ўтсин”

ЯККАБОҒ. “Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан ёзяпмиз. Президентимиз яқинда Соҳибқирон Амир Темур туғилган Яккабоғ тумани Хўжа Илғор қишлоғини ободонлаштириб, замонавий инфратузилмалар яратсак, улуғ аждодларимиз олдидаги фарзандлик бурчимизни бажарган бўлар эдик, деб айтдилар. Биз яккабоғликлар бундан хурсандмиз. Шу борада битта илтимосимиз бор: “Ўзбекистон темир йўллари”нинг Тошкент–Шаҳрисабз йўналишидаги поезди Яккабоғ туманида ҳам атиги 2 дақиқагина бўлса ҳам тўхтаб ўтишини сўраймиз.
Қарияларимиз, касалманд фуқароларимиз бор. Уларни такси гаплашиб, қўшни тумани вокзалига олиб боришга тўғри келмоқда. Ҳолбуки, Яккабоғ туманида замонавий вокзал бор.
Бундан ташқари, туризм ривожланиб, туристлар Амир Темур туғилган Хўжа Илғор қишлоғини кўриш учун келиши тайин. Сайёҳлар учун ҳам поезд Яккабоғда тўхтаб ўтиши мақсадга мувофиқдир. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти фуқаролар оғирини енгил қилиш чорасини кўради деган умиддамиз”.
(Бу хабар STга 15 октябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ: “Ердан унумли фойдаланиб, рўзғор тебратиб келаётган эдик. Афсус, олиб қўйишди...” (ВИДЕО)

ЯККАБОҒ. “Мен – Зебо Абдиева, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан мурожаат қиляпман. 2 фарзандимнинг кўзи ожиз, ҳар 6 ойда даволатиб тураман. Қарамоғимда қайнотам ҳам бор. Ердан унумли фойдаланиб, боғдорчилик ортидан қора қозонимизни қайнатиб келаётган эдик. Раисимиз пахта экамиз, деган баҳона билан биз фойдаланаётган ерни кимошди савдосига қўйди. Аслида эса, унумдор ер уй қуриш учун сотиб юборилди. Ишсиз, ночор қолдим. Мен каби ерсиз қолган бошқа юртдошларимиз ҳам бор. Ерни қайтариб олишимиз ва қайта боғ яратишимизда ёрдам беринг, муҳтарам Президентимиз!”
(Бу хабар STга 7 октябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ: “Болаларимиз мактабдан қолмасин, кўприкни тезроқ қуриб беришсин” (ВИДЕО)

ДЕҲҚОНОБОД. “Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидан мурожаат қиляпмиз. Дарёнинг у четида 50 хўжалик яшайди. Баҳор пайти, икки-уч ой давомида сел келиб, болаларимиз мактабдан қолиб кетади. Туман ҳокими 5 йилдан бери кўприк қурамиз, деб ваъда бериб келади. Илтимос, кўприкни тезроқ қуриб беришсин, болаларимиз мактабдан қолиб кетмасин!”
(Бу хабар STга 4 октябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ: “Ишхонамдан компьютерларим ва мижозларимга тегишли телефонларни олиб кетишди” (ВИДЕО)
ДЕҲҚОНОБОД. “Телефон ва компьютер устасиман. Бир ойча аввал ИИБ ходимлари уйимда ва ишхонада тинтув ўтказди. Ишхонамдан компьютерларим ва мижозларимга тегишли телефонларни олиб кетишди. Мен бу ҳолат ноқонуний бўлди, деб биламан. Чунки ҳатто гувоҳлар ҳам иштирок этмади. Компьютер ва телефонлар ҳали ҳам текширувда экан. Менинг иштирокимсиз текширувларни тан олмайман ва ноқонуний, деб ҳисоблайман. Текширув мен ва комиссия иштирокида ўтказилса, тан оламан. Мен бу ҳолатда Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқларимиз бузиляпти, деб биламан. Ҳолат юзасидан ваколатли идоралардан амалий ёрдам сўрайман”.
(Бу хабар STга 3 октябрь куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ST-таъсир: “Қашқадарёда мактаб ўқувчилари полда дарс ўтишига сабабчи бўлган масъуллар жазоланди” (ВИДЕО)
ST’да Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 39-мактабда айрим хоналарда парта йўқлигидан ўқувчилар полда дарс ўтаётгани, таъмир ҳам охирига етказилмагани ҳақида видеолавҳа чоп этилган эди. Вилоят прокуратураси ушбу ҳолатни ўрганиб, айбдорларга тегишли жазо берилганини маълум қилди. Қуйида прокуратура тарқатган баёнот билан тўлиқ танишишингиз мумкин:
“Маълум бўлишича, Яккабоғ тумани, “Қайроғоч” МФЙда жойлашган 39-сонли умумтаълим мактаб биноси 420 ўқувчи ўринга мўлжалланган бўлиб, 1974 йилда қурилган. Мактаб биносини таъмирлаш учун 2021 йилда 3 млрд 102 млн 400 минг сўм ажратилган, қурилиш-таъмирлаш ишлари “Авангард гидро-экспресс” МЧЖ томонидан олиб борилиб, 10.09.2021 йилда якунланган.
Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб биносига қурилиш ишлари якунида 27 та синфхона учун 405 та парта, директор, унинг ўринбосари хоналарига 1 тўпламдан ҳамда ўқитувчилар хонасига 2 тўпламдан зарурий жиҳозлар етказиб берилиши белгиланган бўлиб, қурилиш ишлари якуни бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани сабабли, 08.09.2021 йилга қадар жиҳозлар етказиб берилмаган. Шу сабабли, мактаб маъмурияти томонидан эски жиҳозлардан фойдаланилиб, ўқув йили бошланган.
Ўрганишда умумтаълим мактабига барча зарурий жиҳозлар етказиб берилиши таъминланди. Ўқитувчилар Н.С. ва О.С.ларнинг мактаб директори билан дарс тақсимоти масаласида юзага келган келишмовчилиги сабабли, ўқув йили бошланган кунлари мактабда мавжуд жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўлатуриб, мактаб маъмуриятининг ташкилий масалалардаги камчиликларини ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатиш мақсадида 5 “а”-синф ўқувчиларига парталар жойлаштирилмаган хонада дарс ўтилган.
Ўқитувчилар Н.С. ва О.С.лар таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишга уринганлари учун уларга мактаб педагоглари ва касаба уюшма аъзоларининг қўшма йиғилиши қарори билан ҳайфсан интизомий жазоси берилди.
Шунингдек, текширув натижаси бўйича мактабнинг ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва ўқув жараёнини тўғри ташкил қилишда масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директори Ш.Қ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Х. ва хўжалик мудири Ж.Ж.ларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди”.
(Бу хабар STга 20 сентября куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ: “Йўл таъмирталаб, электр токи қуввати паст...”

ҒУЗОР. “Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Хумдон МФЙдан ёзмоқдамиз. Автомобиль йўлимиз йўқлиги ва электр токи пастлиги сабаб бир неча йилдан буён мутасаддиларга мурожаат қилиб келамиз. Мактубимиз ST’да чиққач, 2021 йил январь ойида кўчамизга тупроқ тўкиб кетишди, аммо ёмғир ёққач, йўлимиз яна расво бўлди. Туман ҳокими қабулига ҳам боряпмиз, аммо фойдаси бўлмаяпти. Республика масъулларидан кўмак кутиб қоламиз”.
(Бу хабар STга 11 сентября куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – “Туғруқхона врачлари ўз вазифасига масъулият билан ёндашмади...”

ҚАРШИ. “Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри марказий туғруқхонаси врачлари ўз вазифасига масъулият билан ёндашмади. Рафиқамнинг аҳволи оғирлашиб, уни туғруқхонага олиб бордик. Эрталаб соат 9-10 борганимизга қарамай, 12 лардан ўтиб қабул қилишди. Соат кечки 6-7 ларда аҳволи оғирлашиб қолди. Врач туғруқ залига олиб ўтди. Қон келишига қарамай, операция қилмасдан навбатчи врачга топшириб кетди. Қайта-қайта сўровимизга қарамасдан, навбатчи врач ҳам операцияни кечиктирди. Тонгги соат 3 яримларда операцияга олиб кирди. Операциядан чиққач эса, бола кўп қон ютгани, яшамаслигини айтди. Она шунча вақт ҳомиласини қорнида кўтариб шифокорлардан нажот истаб келса-ю, ишга масъулиятсизлик қилишадими?”
(Бу хабар STга 12 сентября куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ – Мажбурий меҳнат: "Ўқитувчи бетон тешди, бошқаси аравага ортди”

НИШОН. “Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги 6-мактаб ўқитувчилари мактаб ҳудудида мажбурий меҳнатга жалб қилинди. Математика ўқитувчиси перфоратор билан бетон тешди, ёшлар етакчиси бетонни олишга ёрдам берди. Бошқаси аравага ортди. Вилоятимиз ҳокими З. Мирзаев август ойида вилоятда мажбурий меҳнатга йўл қўйган раҳбарни – хоҳ у тиббиётда бўлсин, хоҳ таълим тизимида – шахсан ўзи ишдан олишини айтган эди. 6-мактабдаги ҳолат ҳам ўрганилади, деган умиддамиз”.
(Бу хабар STга 9 сентября куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ST-таъсир: “Носоз светофор ўрнига янгиси ўрнатилди”

ЯККАБОҒ. “Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани марказида, ҳокимлик биноси олдидаги эски носоз светофор автоҳалокатларга сабаб бўлиб келаётганди. Бу ҳақда туман блогерлари ёзди, аммо натижа бўлмади. Носоз светофор ҳақида ST’да мурожаатимиз чиққач, бир ҳафта ичида янги, замонавий светофор ўрнатилди. Туман масъулларига ва Озодлик радиосига раҳмат айтамиз”.
(Бу хабар STга 29 август куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ: “Фарзандларимиз мактабга хавфсиз қатнаши учун пиёдалар йўлакчаси лозим”

“Қашқадарё вилояти Зарбдор МФЙдан мурожаат қиляпмиз. Маҳалламиздаги 3 та мактаб асосий автомобиль йўли бўйлаб жойлашган. Туман ҳокими ва сектор раҳбарларига фарзандларимиз мактабга хавфсиз қатнашлари учун катта серқатнов йўл ёқасидан пиёдалар йўлакчаси ташкил қилишларини сўраб бир неча бор мурожаат қилдик, афсуски, раҳбарлардан садо йўқ. Қумдарё ва Хўжаобод маҳаллаларидагидек фалокат рўй бермаслиги учун пиёдалар йўлакчаси қуриб беришларини сўраймиз.
Яна бир масала. Маҳалламиз марказидаги собиқ колхоз боғлари участка қилиб сотилиб, уй қуриляпти. Ташландиқ ҳолатга келтирилиб сотилаётган собиқ колхоз боғлари ўрнида болалар боғи, саломатлик йўлаклари ва спорт майдончалари, нуронийлар чойхонаси, маҳалла гузари,тўқувчилик цехлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кутубхона, тренажёр зали қурилишини сўраймиз. Ушбу масалаларда вилоят ҳокими Зоир Мирзаевдан амалий кўмак кутиб қоламиз”.
(Бу хабар STга 16 август куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚАШҚАДАРЁ: “Кўп йиллардан буён сув муаммо, ваҳоланки, сувли ер ҳисобида солиқ тўлаймиз”

ҒУЗОР. “Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Халқобод қишлоғи Наврўзтепа маҳалласидан ёзмоқдамиз. Маҳалламизда на ичишга, на томорқаларни суғоришга сув бор. Ичимлик сувни 6 км масофадан сотиб олиб келамиз. Дарахтларни суғоришга ҳам сувни сотиб оламиз. Аммо бунга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Дарахтлар қуримоқда. Ваҳоланки, шунча йиллар давомида сувли ер ҳисобида солиқ тўлаймиз. Кўчамизга асфальт ҳам ётқизилмаган. Бунинг устига, 200 дан ошиқ хонадонга кичик трансформатор хизмат кўрсатади. У ҳам қишда жуда кўп марта ишдан чиқади, ҳафталаб ток бўлмайди. Газ эса 2015 йили тамоман узилган. Биз ҳам ҳудудимиз обод бўлиши, муаммолар ҳал этилишини хоҳлардик”.
(Бу хабар STга 6 август куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|