Халқаро
РОССИЯ: “5-6 бекорчи ўзбеклар юк машиналаридан пул талаб қилмоқда. Уларга чора кўрилмайдими?”

“Россия Федерацияси Оренбург вилояти Соль-Илецк божхона пунктидан ёзяпмиз. Оғир юк машинаси ҳайдаймиз. Ўзбекистондан Россияга мева- сабзавот ташиймиз. Ҳеч қаерда ишламайдиган 5-6 бекорчи ўзбеклар божхона ҳудудига кирган юк машиналаридан 500 рублдан талаб қилмоқда. Бунинг устига, ҳар бир машинадан 3-4 яшик мева олиб қўймоқда. Уларнинг божхонага алоқаси йўқ, бекорчи безорилар! Пул бермасангиз, сизни уришгача боришади. Уларни божхона ҳудудига ким қўймоқда? Нега улар куппа-кундузи қароқчилик қилмоқда? Нега Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари бу тўда билан шуғулланмайди?”
(Бу хабар STга 25 июль куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
“Ўзбекистон ҳам гомофобияга қарши қонунлар ишлаб чиқиши зарур”

“Биз – бир гуруҳ ЛГБТ фаоллари, 17 май – Халқаро гомофобия, бифобия, трансфобияга қарши кураш кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан ЖКнинг 120-моддасини бекор қилиш, шу модда билан қамалган маҳбусларни озод этиш, ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоялаш тизимини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонда гомофобияга барҳам бериб, толерантлик даражасини оширишни сўраймиз. ЛГБТ фаолларига босим қилмаслик ва уларни гомофобик ҳужумлардан сақлашни сўраймиз. Блогер Миразиз Бозоров ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилгани ва ҳукуматни танқидлар қилиб келгани боис унга гомофобик ҳужум уюштирилди. Бозоров туҳмат ва сохта айбловлар билан жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Президент Мирзиёевдан М.Бозоровдан сохта айбловларни олиб ташлаб, уни зудлик билан озод қилишни сўраймиз.
Ўзбекистон дунёвий демократик давлатлигини ҳисобга олган ҳолда, халқаро норма ва қонунларга амал қилиб, ЛГБТ вакилларининг ҳам ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаши зарур. Биз халқаро ҳамжамиятдан ЛГБТ ҳуқуқлари ёмонлашиб бораётган Ўзбекистонга эътибор қаратиб, чоралар кўришни сўраймиз. Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари мажбуриятларини бажариши шарт. ЛГБТ фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилмас экан, ҳеч қачон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари мустаҳкамланган демократик давлат бўла олмайди. Ўзбекистон узоқ йиллар давомида гомофоблашиб кетган фуқаролари тоқатлилик даражасини ошириш учун халқаро ташкилотлар билан бирга ишлаши ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодовлат ташкилотлар очишга рухсат бериши зарур. ЛГБТ инсонларининг бошидан ўтган оғир қийинчиликлари ва уларнинг ички туйғулари ҳақида ОАВларда эркин гапириш ва масс-медиа орқали тоқатлилик даражасини ошириб бориши зарур. Ҳеч бир давлат ўз-ўзидан тоқатли бўлиб қолмаган.
ЛГБТ ҳуқуқлари эркинлашиб бораётган давлатлар борки, уларнинг барчаси шу йўллардан фойдаланиб, тоқатлилик даражасини ошириб келмоқда. Ўзбекистон менталитетига тўғри келмайди, деб кўз юмиб кетавериш билан халқаро ҳамжамиятдан орқада қолиб кетаверасиз. Ўзбекистон ҳам гомофобияга қарши қонунлар ишлаб чиқиши ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиши зарур”.
(Бу хабар STга 16 май куни келган)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
“52 ёшли ўзбекистонлик Екатеринбургдан Сирдарёгача бўлган йўлни велосипедда босиб ўтмоқчи” (ВИДЕО)
“52 ёшли ўзбекистонлик Екатеринбургдан Сирдарёгача бўлган йўлни велосипедда босиб ўтмоқчи”
(Бу хабар STга 30 август куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
Россиядаги ўзбекистонлик талабалар: “ Авиачипта бизга жуда қимматга тушаяпти” (ВИДЕО)
“Россия Федерациясининг Пятигорск шаҳридаги тиббиёт институти талабаларимиз. Ўқишимиз тугаган. Карантин даврида молиявий аҳволимиз танглашди. Авиачипта нархи ўта қимматлаб кетди. Бу эса бизга қимматлик қилмоқда. Ўзбекистонда ҳам шароит оғирлашиб, ота-оналаримиз моддий ёрдам кўрсата олишмаяпти. Бизга арзон нархда чартер рейс ташкил этиб беришларини сўраймиз”.
(Бу хабар STга 29 июль куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
РОССИЯ – “Ўзбекистонликлар: Бошқа давлатлар ўз фуқароларини олиб кетди, фақат биз қолдик” (ВИДЕО)
ВЛАДИВОСТОК. “Россиянинг Владивосток шаҳридаги вақтинчалик ушлаб туриш масканидан мурожаат йўлламоқдамиз. 6 ойдан бери карантинда ўтирибмиз. Яшашга шароит йўқ. 50 кишига битта душ. Ўзбекистон консуллиги телефонларга жавоб бермаяпти. Орамизда касаллар бор. Тожикистон, Қирғизистон, Озарбойжон ўз фуқароларини олиб кетди. Фақат ўзбекистонликлар қолди. Энг охирги келганларга 4 ой бўлди...”
(Бу хабар STга 27 июль куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
РОССИЯ – “МИФИ университети талабалари: Бизга бўлаётган босим туфайли билим олишга ҳам қизиқишимиз қолмади”

МОСКВА. “Москвадаги МИФИ университети талабалари номидан ёзмоқдамиз. ST орқали “ЎзАтом” агентлиги биз билан тузилган шартномани ўзбошимчалик билан ўзгартиргани ҳақида мурожаатимиз эълон қилингач, агентлик унга муносабат билдирибди. Очиғи, агентлик ўз муносабатида шартномани ноқонуний ўзгартирганини ўз оғзи билан тан олмоқда. Аммо шундан сўнг агентлик томонидан бизга бириктирилган талабалар етакчиси мажбурлов асосида бизга ҳужжатга қўл қўйдира бошлади. Агарда қўл қўймасак, шартнома бузилиши ва унда кўрсатилган тартибда контракт миқдори (янги алмаштирилган шартномада келтирилган) агентликка тўлаб берилиши айтилган. Бизга бўлаётган босим ва адолатсизлик туфайли билим олишга қизиқишимиз ҳам қолмади...”
(Бу хабар STга 11 май куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚОЗОҒИСТОН – “Ўзбек муҳожирлари: полиция бизни калтаклаган маҳаллий зўравонларга қарши чора кўрмаяпти”

АКТАУ. “Қозоғистон Республикаси Актау шаҳридан мурожаат йўлламоқдамиз. Асли Хоразм вилоятидан келиб ишлаётган эдик. Жорий йил 2 августга ўтар кечаси соат 02:30 ларда уйимизга маҳаллий қозоқ йигитлар бостириб кирди. 200 минг танга талаб қилишди. Сўнг бизни қаттиқ калтаклашди. Баданимиз моматалоқ бўлиб кетди. Суд-тиббий экспертиза ўрта даражадаги жароҳат деб хулоса берди. “Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди” деган гап тўғри экан, маҳаллий полиция зўравонларга чора кўрмаяпти. Мана, салкам икки ой бўлди, ҳеч ким биздан хабар олмаяпти. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналарида ёрдам кутиб қоламиз”.
(Бу хабар Озодликка 25 сентябрь куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ТУРКИЯ- "Ҳурматли президент, ватанимизга қайтишга ёрдам беринг"

ТУРКИЯ. "Мен Олимова Нигора Алиджановна Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида 1965 йилда дунёга келганман. Ҳозирги кунда оилам билан Туркияда яшаймиз. Бешта фарзанднинг онасиман.
Ўғилларим университетда ўқишади. Ўзим уй бекасиман.
Бундан йигирма уч аввал Ўзбекистондан чиқиб кетганмиз. Хорижда қанчалар қийналмайлик ёруғли кунлар келишидан ҳеч шубҳа қилмадик.
Ва ниҳоят Шавкат Мирзиёев президент бўлгач, илк кунлари айтган гапларининг ҳар бири бизда ватанимизга қайтиш умидини янгилади.
2017 йили Андижондан Истанбулга келган онам Омина ҳожи Икромова бизнинг ҳам қайтишимиз мумкинлигини, бунинг учун ҳаракат қилиш кераклигини айтди.
Бу насиҳатдан руҳланиб президент порталига 2018 йилнинг 17 июлида 86737-s/18 мурожат рақами билан Шавкат Мирзиёевга мурожаат мактуби жўнатдик.
Мурожаатимдан сўнг менга Андижон вилояти Избоскан тумани Ички Ишлар бўлими тарафидан қўнғироқ қилишди. Мен Ички Ишлар ходими билан узоқ кунлар давом этган ошкора ва самимий суҳбатлар асносида агар ватанга қайтсам “эҳтиёт чораси — қамоққа олиш” чорасини менга татбиқ қилсалар абгор бўлишимни айтдим. У ҳам марказга — Тошкентга менинг ишларимни юборишини ва жавоб келса албатта менга етказишини айтди. Ҳадеганда жавоб келмади.
Биз 05. 03. 2019 санасида президент порталига қайта мактуб йўлладик (Murojaat raqami: 19849-s/19). Бу мактубда президентимиздан менга нисбатан “эҳтиёт чораси — қамоқ” жазоси бекор қилиниб, уйдан қатнаб тергов беришга алиштиришни, бу ҳақида сўраган илтимосимни тезлатишни сўрадим.
Бу мактубдан кейин 2 ойча кутдик. Тошкентдан Ички Ишлар Вазирлигидан биз ҳақимизда бирон қарор чиқмади. Терговчи билан гаплашсам хабар келмагани, кутилаётгани ҳақида айтди.
Бу орада Истанбулдаги Ўзбекистон консулига ҳам икки марта бориб, қайтиш ҳақида аризамизни топширдик. Консул бизни яхши кутиб олди ва Тошкентда хориждагилар иши билан шуғулланадиган комиссия тузилгани ва унга мактуб ёзишимиз кераклигини айтди. У комиссия “Террористик, экстремистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолганлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси идоралари комиссияси” экан. У комиссияга ёзган мактубимизни 2019 йилнинг 23 майида консулликка топширдик. Шу кунгача бунга ҳам жавоб ола олмадик.
Ҳурматли Шавкат Миромонович, сиз кўплаб ватандошларимизнинг қийинчиликларини осонлаштираяпсиз. Мен ҳам фарзандларим билан ватанимга қайтмоқчиман. Менинг агар қонунга тўғри келмайдиган бирон ишим бўлса афв қилинг! Менинг қайтганимда уйдан қатнаб тергов беришим учун имконият беринг! Қолаверса катта ўғлим Муҳаммад Шоҳид Олимов биз билан ВАТАНдан чиққан пайтида ўн ёшли бўлишига қарамай айблов қўйилибди. Бу ўғлимдан ҳам айбловларни олиб ташлаб, уни ҳам афв қилишингизни илтимос қиламан.
Ишларимнинг ижобий ҳал бўлишидаги умидим аввал Аллоҳдан, кейин эса халқимизнинг раҳбари бўлган СИЗдандир!"
(Бу хабар Озодликка 20 сентябрь куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ИСРОИЛ–ЎЗБЕКИСТОН – “Cамарқанддаги уйимизни тортиб олиб вайрон қилганлар жазосиз қолмоқда”

ИСРОИЛ–ЎЗБЕКИСТОН. “Биз – ака-ука Ривко ва Яков Аранбаевлар, Исроил давлатидан мактуб йўлламоқдамиз. Ўзбекистон Республикасининг собиқ фуқароларимиз. Оиламиз билан Самарқандда туғилиб вояга етдик. Айни дамда Исроилда яшаймиз.
Самарқанд шаҳри Ризо Ҳошимов кўчасида жойлашган 62-уй бизга тегишли. Аммо мазкур уй-жойимизни хорижда эканимиздан фойдаланиб, фуқаро Х.Ҳ. маҳалла раиси А.Т. билан тил бириктириб ўзлаштириб олган. Маҳалла раиси аслида тадбиркорлик билан шуғулланувчи Х.Ҳ.га эҳтиёжманд оила дея сохта ҳужжат қилиб берган.
Уйимиз тортиб олинганидан хабар топгач, биз ишончли вакил ёллаб Х.Ҳ.га чиқарилган суд қарорини бекор қилишга эришдик. Аммо суд қарори бекор қилинганига қарамай, 2018 йил сентябрь ойида уйимиз бузилиб, харобага айлантирилди. Маҳалла участка инспектори М.С. ишончли вакилларимизга ёрдам бериш ўрнига уларни ҳайдаб солди.
Бундан ташқари Х.Ҳ. Ўзбекистон президенти ва ДХХ раиси номига бизга қарши миллатчилик ва туҳмат руҳидаги хатлар ёзди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси З. Й. ҳамда бўлим бошлиғи Б.Т.га тақдим этилган далиллар сирли тарзда ғойиб бўлди. Айни пайтда шаҳар ички ишлар мутасаддилари ишончли вакилимизнинг иш материаллари билан танишишига тўсқинлик қилмоқда. Уйимизни ноқонуний тортиб олиб вайрон қилган, бизга нисбатан миллатчилик қилган кимсалар жазосиз қолмоқда.
Мутасадди идоралардан уйимизни қайтариш, бизга етказилган зарарни ундириш ва айбдорларни жазолашда амалий ёрдам сўраймиз”.
(Бу хабар Озодликка 22 август куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|
РОССИЯ–ЎЗБЕКИСТОН – “Ўзбеклар китобга, руслар фаррошга ҳайкал қўйди”

РОССИЯ. “Яқинда Қашқадарё вилоятида китобга ҳайкал қўйилгани ҳақида хабар тарқалди. Россияда эса кўча тозаловчи фаррошга ҳайкал қўйилибди. Бу ижтимоий тармоқда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хўш, сиз бунга нима дейсиз?”
(Бу хабар Озодликка 16 июль куни келди)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|
ҚОЗОҒИСТОН–ЎЗБЕКИСТОН – “Қозоқ чегарачилари машиналарни 5 дақиқада ўтказмоқда, ўзбек ҳамкасблари эса соатлаб ушлаб турибди” (ВИДЕО)
ҚОЗОҒИСТОН–ЎЗБЕКИСТОН. “Икки мамлакат чегараси, “Қоплонбек” божхона постидан ёзмоқдамиз. Қозоқ чегарачи-божхоначилари машиналарни 5 дақиқада ўтказяпти. Ўзбекистон чегара ва божхона ходимлари эса сунъий тирбандлик ҳосил қилиб, битта машинани бир соат текширяпти! Cайёҳлар, қариндош-уруғини кўргани келаётганларни нимага шунча қийнашади? Машина ичида ёш болалари билан ярим суткалаб ўтирганларни кўриб ичингиз ачиб кетади!
Хавфли жиҳат шундаки, икки чегара ўртасидаги бетараф ҳудудда СССР даврида, 1960-йилларда қурилган кўприк устида 30-40 талаб улкан юк машиналари тўпланиб қолмоқда! Эски кўприк оғир юкдан дарз кетиши ҳеч гап эмас. Худо кўрсатмасин-у, кўприк қулаб, фожиа рўй берса, ким жавоб беради? Ўшанда ақли кирадими ўзбек чегарачи ва божхоначиларининг?!”
(Бу хабар Озодликка 26 июнь куни келди)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|
ЎЗБЕКИСТОН – “Ziraat Bank” раҳбарияти ST даракчиси мурожаати юзасидан жавоб хати йўллади”

“Сиздан Телеграм”да “Зироатбанк” мижози бўлган “OQOLTIN TA’MIR SOZLIK” МЧЖдан лизинг асосида “Нексия” автомобили cотиб олган харидорнинг мактуби чоп этилган эди.
Муаллиф ўз мактубида 2018 йил май ойида шартнома шартларини тўлиқ бажаргани, аммо “Зироатбанк” маъмурияти бир йилдан буён нотариус томонидан автомобилга қўйилган тақиқни ечиб беришни пайсалга солаётгани ҳақида ёзган эди.
“Зироатбанк” раҳбарияти ушбу масала юзасидан жавоб хати йўллади. “Зироатбанк” маъмуриятига кўра, “OQOLTIN TA’MIR SOZLIK” МЧЖнинг банк олдидаги қарзи тўлиқ тўланмагани сабабли ундиришга жалб этиш рад этилган автотранспорт воситаларидан гаровдан чиқарилмаган.
Шунингдек, мазкур жавобда “Банк лизинг ва ижара шартномаларида томонлардан бири саналмайди ва мазкур шартномаларга дахлдор масалаларни кўриб чиқмайди”, дейилган.
Қуйида рус тилида юборилган хатнинг таржимасини эътиборингизга ҳавола этилмоқда:
“UTBANK” АЖ (айни вақтда “Ziraat Bank Uzbekistan” АЖ) кредит шартномасига мувофиқ, “OQOLTIN TA’MIR SOZLIK” МЧЖга келгусида лизинг сифатида бериш учун автомобиллар сотиб олишга кредит тақдим этган эди.
Қарздор ўз зиммасига олган мажбуриятларни тегишлича бажаришини таъминлаш учун, ЎзР қонунчилигига мувофиқ тузилган гаров тўғрисидаги шартномаларга мувофиқ, Банк кредит маблағлари ҳисобига харид қилинган автомашиналарни гаров сифатида қабул қилган.
Қарздор кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини тегишли тартибда бажармагани боис, Банк Тошкент туманлараро иқтисодий судига гаровга қўйилган мулкни ундириш йўли билан “OQOLTIN TA’MIR SOZLIK” МЧЖдан қарзни ундиришни сўраб мурожаат қилди.
2018 йил 12 ноябрь куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан “OQOLTIN TA’MIR SOZLIK” МЧЖдан банк фойдасига гаровга қўйилган автотранспорт воситаларининг бир қисмини ҳамда қарздорнинг гаровга қўйилмаган мулкини ундириш йўли билан ўша вақтда мавжуд қарзни ундириш ҳақида қарор чиқарилди, аммо гаров шартномалари бекор қилинмади ва тақиқлар ҳам олиб ташланмади. Суднинг ушбу қарорида кўрсатилганидек, ЎзР Фуқаролик кодексининг 283-моддасига мувофиқ, гаровга қўйилган мулкнинг бир қисмидан қарзни ундириш учун мурожаат этилмаслиги гаровни бекор қилишга асос ҳисобланмайди.
Ҳозирги вақтда суд қарори тўлиқ ижро этилмаган, яъни “OQOLTIN TA’MIR SOZLIK” МЧЖнинг банк олдидаги қарзи тўлиқ тўланмаган ва қарзнинг қолган қисмига фоиз ҳисобланмоқда. Шу муносабат билан, ундиришга жалб этиш рад этилган автотранспорт воситаларидан ҳам гаров олиб ташланмаган.
Банк лизинг ва ижара шартномаларида томонлардан бири саналмайди ва мазкур шартномаларга дахлдор масалаларни кўриб чиқмайди, чунки ушбу шартномалар “OQOLTIN TA’MIR SOZLIK” МЧЖ ҳамда бошқа шахслар ўртасида тузилган.
Кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМга мувофиқ, Банк мавжуд хусусиятлардан келиб чиқиб, кредитнинг қайтарилишини таъминлаш учун қарздор томонидан тақдим этилган гаровнинг қарз тўланган қисмини гаровдан чиқариш ҳуқуқига эга. Шунингдек, қайд этиш жоизки, гаровга қўйилган мулк тақиқи ҳуқуқшунослар томонидан ва уларнинг хоҳишига кўра эмас, балки Банкнинг кредит қўмитаси қарорига кўра бекор қилинади. Ушбу қоидага мувофиқ, кредит комиссиясининг 2019 йил 4 февралдаги баённомасига кўра, кредит бўйича қарзнинг қисман қопланиши муносабати билан гаровга қўйилган мулкнинг бир қисми гаровдан чиқарилган; гаровга қўйилган мулкнинг бир қисми эса суд қарори ижросини таъминлаш ва ҳисобланаётган фоизларни келгусида ундириш мақсадида гаров сифатида қолдирилган. “OQOLTIN TA’MIR SOZLIK” МЧЖ ҳамда Банк ўртасида имзоланган кредит шартномаси бўйича қарздорлик қопланар экан, гаровга қўйилган барча мулкка нисбатан тақиқлар бекор қилинади. Айни вақтда эса Банк гаров тўғрисидаги шартномаларга кўра тақдим этилган ва ҳозирда юридик кучга эга бўлган, бекор қилинмаган гаров ҳуқуқидан фойдаланмоқда, холос.
Юқоридагиларга асосан, шуни ҳам маълум қиламизки, Банк лизинг олувчилар билан бир неча суд жараёнида қатнашган, шунингдек, лизинг олувчилар мурожаат ҳам қилган. Судлар томонидан аниқланишича, лизинг олувчилар ҳамда “OQOLTIN TA’MIR SOZLIK” МЧЖ ўртасидаги лизинг шартномалари амалдаги қонунчилик бузилган ҳолда тузилган ва бу мазкур шартномаларни ҳақиқий эмаслигини англатади. Шу муносабат билан лизинг олувчиларнинг гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризалари рад этилган.
Юқоридагиларга кўра хулоса қилиш мумкинки, мурожаатдаги барча далиллар ёлғон ва асоссиз, шунингдек, ҳужжат ва қонунларга таянмаган. Банк Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 12 ноябрдаги қонуний кучга кирган қарори, шунингдек, Кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ ва Банкнинг ички ҳужжатларига қатъий равишда риоя этмоқда.
“Ziraat Bank Uzbekistan” АЖ маълум қиладики, Банк ва унинг ходимлари шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига зарар етказувчи ёлғон ахборот тарқатилган ҳолатларда “Ziraat Bank Uzbekistan” АЖ шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳамда уларни тарқатиш оқибатида юзага келган зарарлар ва маънавий зарарни ундиришни талаб қилиб ваколатли судларга мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Нусреттин Эврен Ашан,
Бошқарув раисининг ўринбосари”.
(Бу хабар Озодликка 29 май куни келди)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|
Қозоғистонда қулликда бўлган ўзбек муҳожири уйига қайтишга ёрдам сўрамоқда (ВИДЕО)

ҚОЗОҒИСТОН: “Мен, Жасур Тошпўлатов, Андижон вилояти Олтинкўл туманиданман. 1,5 ой аввал Олмаотанинг Талғар туманига ишлашга келдим. Келган куним Б. исмли участковой “ҳужжатларингни тўғрилаб бераман” деб, паспортимни олиб қўйди. Бошида Олмаотада 5 кун ишладим, пулини ўша участковой олди. Кейин унинг уйида 4 кун девор урдик, буни ҳам пулини бермади. Кейин шу участковой Жамбул вилояти Сарисув туманидаги Бойқадам посёлкасида яшовчи онасининг уйига жўнатди. Онасининг дўконида 10 кун ишладим. Эрталаб соат 8 дан 23 гача ишладим. Совуқда камаз-камаз картошка тозаладим, пиёз тозаладим, юк туширдим, фаррошлик қилдим. Кейин оёғим шишиб кетиб, касал бўлиб, қолдим ва ўша участковойга “уйга кетаман, паспортим ва пулларимни беринг”, деб, телефон қилдим. У эса “Онамнинг дўконида ишлашга одам керак, ишлайсан, агар кетсанг, террорист деб, қаматиб, юбораман”, деб қўрқитди. Қўрққанимдан ярим кечаси қочиб чиқдим. Ҳеч нарсасиз кўчада қолиб кетдим. Бегона одамларнинг кўмагида Олмаотага бир амаллаб, етиб келдим. Яна участковойга телефон қилиб, ҳеч бўлмаса, паспортимни беришини сўрадим. У паспортимни ҳам, ишлаган пулларимни ҳам бермади. Уч ҳафтадан бери кўчада қолиб кетдим. Бир тийин пулим йўқ. Элчихонага борсам, “Ватанга қайтиш сертификати қилиб, берамиз, пулини тўла”, деди. Қўлимда пулим йўқ, қандай тўлайман?! Худди бомжга ўхшаб, дуч келган жойда яшаб юрибман. 3-4 кунлаб, оч қолган кунларим ҳам бўлди. Умуман иложсизман. Илтимос, уйга қайтишимга ёрдам беринг!”
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
ҚОЗОҒИСТОН–ЎЗБЕКИСТОН – “Божхоначилар ўйинчоқ машина учун ноқонуний тўлов ундирди”

ҚОПЛОНБЕК пости. “Қозоғистондан Ўзбекистонга Қоплонбек пости орқали ўтаётганимда божхоначилар менга ноқонуний равишда бож тўлаттирди. Президентнинг 3512-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 463-сонли қарорини бузмаган ҳолда, 39500 танга (103.94 $) миқдордаги ўйинчоқ машина олиб келаётган эдим. Қоплонбек пости бошлиғи ва божхона ходимлари ўтишимга тўсқинлик қилишди. Уларнинг талаби қонунга зид бўлса-да, ноилож кассага бож тўладик. Кассада терминал ҳам йўқ экан. Қачонгача давлат раҳбари бир қарор чиқаради, ижрочилар эса уни оёқости қилади?! Ё президент давлат идораларига “Мен одамларга яхши кўриниш учун қарор чиқараман, аммо сенлар ижро қилишинг шарт эмас” деганми?!”
(Бу хабар Озодликка 25 март куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
******************************************************************************
Резюме"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ****************************************************************************** Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг! |
ТУРКМАНИСТОН – “Қарши магистрал канали объектига ажратилаётган ёнилғи талон-торож қилинмоқда”

ТУРКМАНИСТОН. “Туркманистон Республикасининг Дўстлик туманида Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси назорат қиладиган объект бор. Биз ушбу ҳудудда земснарядларда (гидротехник ишларни қилувчи кема) ишлаймиз. Вазифамиз Амударёдан келаётган канал йўлини тозалаб, очиб туришдан иборат. Лекин раҳбарият биз ишчиларга муносиб шароит яратиб бермайди, кўп ноҳақлик қилади. Қолаверса, ёнилғини ўзлаштириш авж олган. Масалан, умуман ишламайдиган 803 ва 820 рақамли земснарядлар учун жуда катта миқдорда солярка ажратилади. Амалда эса тонналаб ёнилғини масъуллар сотиб ўзлаштирмоқда.
Суратда кўриб турганингиздек, бульдозер ва экскаваторлар ишламай турибди. Аслида, уларга ҳам қоғозда тонналаб солярка “қуйилади”. Раҳбарият Сув хўжалиги вазирлигига 12-13 та земснаряд ишлаяпти деб ёлғон ҳисобот бериб туради.
Ушбу талон-торож ҳолати бўйича текширув ўтказиб, давлат маблағини ўзлаштираётганларга чора кўришларини сўраймиз”.
(Бу хабар Озодликка 14 март куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
******************************************************************************
Резюме"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ****************************************************************************** Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг! |