ТОШКЕНТ – "Тез тиббий ёрдам шифокорларига ҳам осон тутманг!"

ТОШКЕНТ. "Одатда Тез тиббий ёрдам хизмати ҳақида танқидий фикрлар кўп айтилади. Бу гал мен аксинча, Тез тиббий ёрдам хизмати вакилларининг муаммолари ҳақида ёзмоқчиман. Зора, одамлар биз – тез тиббий ёрдам ходимларига ҳам осон эмаслигини тушунсалар...

Жорий йил 22 апрель куни Миробод туманида иккита "Ласетти" машинаси тўқнашиб, бир инсон ҳаётдан кўз юмган, 6 киши жароҳатланган. Ўша пайтда Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам станцияси 7-подстанцияси шифокори бўлган аёл бошқа бир чақирув бўйича кетаётган эди. Йўл нозирлари тез ёрдам машинасини тўхтатиб, жароҳатланганларга ёрдам беришни сўраган. Шифокор жароҳатланганларга биринчи ёрдам бериб, улардан оғир аҳволдагисини 16-шаҳар шифохонасига олиб борган. 16-шаҳар шифохонаси шифокори эса Тез тиббий ёрдам жамоасини ҳақорат қилиб, оғир аҳволдаги беморни қабул қилишдан бош тортган. Ваҳоланки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужжатларида авария оқибатида оғир жароҳатланганлар энг яқин шифохонага олиб борилиши белгиланган.

Аслида, шифохоналар масъулларининг Тез тиббий ёрдам ходимларини "Сенлар кўп касал олиб келасанлар", дея ҳақоратлаши одатий ҳолга айланган. Тез тиббий ёрдам шифокорлари жонини жабборга бериб, бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун курашади, бор масъулиятни бўйнига олади. Аммо шифохона маъмуриятлари оғир аҳволдаги беморларни қабул қилишдан бош тортади.Оқибатда тез ёрдам ходимлари сарсон бўлиб, бошқа чақирувларга кечикиб боради.

Аслида Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам станцияси тизимида ойлик маош кам, уни ҳам Президент портали ва Ғазначиликка қайта-қайта мурожаат қилиб, ойнинг йигирманчи кунида оламиз. Мукофот пули олиш ҳам эсдан чиқиб кетган. Албатта, Тез тиббий ёрдам ходимларидан иш талаб қилингани яхши. Аммо юқори талабга яраша тузукроқ моддий рағбат ҳам бўлиши керак-да!"

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​